NobleBlocks

Research indexJournal article

Денгиз йўллари ривожланишининг ижтимоий тараққиётга таъсири

талабаси

Zenodo (CERN European Organization for Nuclear Research)15 Jun 2023Open access

NobleIDark:/48914/w1/20260525/DA7C5FC4DOI10.5281/zenodo.8054315

Free to read at the publisher

You can read the abstract here, or the full text at the publisher.

Read at the publisher

Abstract

Аннотация Мақолада қитъалараро ўртасидаги асосий денгиз йўлларининг кашф этилиш жараёни XV асрлардан бошланганлиги, янги денгиз йўлларнинг очилишининг ўз зарурий – объектив сабаблари борлиги, шарқ билан денгиз йўлини топилиши жаҳоннинг кейинги ижтимоий – иқтисодий аҳволини кескин ўзгаришига сабаб бўлганлиги таҳлил этилган. Калит сўзлар: денгиз, йўл, алоқа, савдо, иқтисодиёт, тараққиёт. Аннотация В статье анализируется, что процесс открытия основных межконтинентальных морских путей начался в XV веке, что открытие новых морских путей имеет свои необходимые и объективные причины, а открытие морского пути на восток вызвало резкое изменение социально-экономической ситуации в мире. Ключевые слова: море, дорога, сообщение, торговля, хозяйство, развитие. Abstract In the article, it is analyzed that the process of discovery of the main intercontinental sea routes began in the 15th century, that the opening of new sea routes has its own necessary and objective reasons, and that the discovery of the sea route to the east caused a sharp change in the social and economic situation of the world. Key words: sea, road, communication, trade, economy, development. КИРИШ Қитъалараро ўртасидаги асосий денгиз йўлларининг кашф этилиш жараёни XV асрлардан бошланди. Янги денгиз йўлларнинг очилишининг ўз зарурий – объектив сабаблари бор эди. Бунда асосий сабаб шунда эдики, бу вақтга келиб Европанинг Осиё мамлакатлари билан бўладиган савдо алоқалари жуда қисқариб кетди. Шарқдан олиб келинадиган, Европаликлар учун жуда зарур бўладиган ипак, шойи ва бошқа турдаги матолар, мурч, занжабил каби зираворларва бошқа керакли бўлган маҳсулотлар деярли келмай қўйди[1]. Маълумки, бу маҳсулотлар Европага қуруқликдаги “Буюк ипак йўли” орқали олиб келинарди. Ушбу йўлнинг Осиёдан Европага олиб ўтувчи асосий нуқтаси Константинополь шаҳри бўлган. Мазкур шаҳар 1453 йилда Усмонли Турклар давлати томонидан забт этилади ва Истанбул деб қайта номланади. АСОСИЙ ҚИСМ Лекин, иш фақат шаҳарни қайта номлаш билан тугамади. Чунки, ўз худудларини ғарбга томон кенгайтириб бораётган Усмонли Турклар билан Европа мамлакатларининг муносабати яхши бўлмаган. Улар орасида, ўзаро низолар авж олиб, харбий урушлар бўлиб турарди. Доимий адоват туфайли Турклар шарқдан ғарбга томон ўтадиган савдо йўлларини тўлиқ тўсиб қўйишди. Аввалига қуруқликдаги йўл ёпилди. Сўнгра, Турк давлатининг қудратли харбий денгиз кучлари Ўрта ер денгизи ва Қора денгиз бўйлаб ўтадиган денгиз йўлларини ҳам беркитди. Хуллас, Европанинг минг йиллардан буён Шарқ билан боғлаган қадимий савдо йўллари барҳам топди. Бу ҳолат изсиз кетмади. Европа давлатларининг ижтимоий – иқтисодий тараққиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсата бошлади. Айниқса, ушбу салбий таъсир аҳолининг кундалик – маиший турмушида жуда сезиларли тарзда кўрина бошлади. Европани Шарқ билан боғлайдиган янги денгиз йўлларини излаб топиш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Шу боис, Европадаги кўпчилик давлатларнинг ҳукуматлари Шарққа Ғарбдан денгиз йўли очиш борасида бош қотиришиб, бу борада изланишлар олиб бормоқчи бўлган денгизчи ва саёҳатчиларнинг фаолиятини рағбатлантира бошладилар. Бу масалада энг фаол бўлганлар Португалия ва Испания ҳукуматлари эди. Шарқ томон янги денгиз йўлларини очишга қизиқишни бошлаган илк давлатлардан бири португалия эди. Португалиялик денгизчилар Африка қитъасини айланиб ўтиш орқали Шарқ мамлакатларига бориш мумкин деб ҳисобладилар ва ўз режаларини босқичма-босқич амалга ошира бошладилар[2]. Африканинг ғарбий соҳилларидан жанубга томон силжиб боришди. Ва шу асосда юрган йўлларини ўзлаштиришиб, ўрганиб боришди. Лекин, бу жараён жуда секинлик билан борди. Португалияликлар 1498 йилнинг май ойида Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрига етиб келишади. Бу ўз даври учун жуда катта оламшумул кашфиёт бўлган. Европаликларнинг азалий орзуси бўлмиш Шарқ билан денгиз йўлини топилиши жаҳоннинг кейинги ижтимоий – иқтисодий аҳволини кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Қитъалараро денгиз алоқа йўлларининг топилиши дунё савдо алоқаларини кескин ўзгартириб юборди[3]. Бир вақтлар савдо марказлари ҳисобланган Ўрта Ер денгизидаги баъзи шаҳарлар, портлар ўз аҳамиятини йўқотди. Уларнинг ўрнига янги савдо марказлари ва портлар шаклланди. Чунки жаҳон савдо алоқалари Ўрта Ер денгизидан Дунё океанларига кўчди. Португалияликларнинг Африкани айланиб ўтиб, Ҳиндистонга йўл топишлари Европанинг бошқа давлатларини, айниқса, Испанияни ҳаракатини тезлаштирди. Шундан кейин аввал номаълум бўлган кўплаб ерлар кашф этилди, денгизлар ва дунё океанлари бўйлаб янгидан-янги денгиз йўлларига асос солинди. Кашф этилган худудларга ҳам тарққиёт кириб борди. Европанинг бошқа қитъалар билан савдо алоқалари ҳажми обора орта бошлади. Фан-техника тараққиётига ва саноатни вужудга келишида муҳим омил бўлди[4]. Денгиз йўлларининг очилиши ва денгиз транспортининг ривожланиши кўп давлатларга тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш имкониятини берди. Чунки, дастлабки қуруқликдаги йўллар устувор бўлган даврларда давлатлар ўзаро алоқаларда бошқа давлатлар худудларидан ўтишларига тўғри келарди. Баъзи давлатлардаги сиёсий ҳолат, ушбу давлатлардан ўтадиган йўлларни хавфли қилиб қўярди ёки бутунлай ёпиб қўярди. Денгиз йўлларида эса бундай муаммо йўқ. Фақат денгизга чиқиш имконияти бўлса бўлди, мамлакатлар бир-бирлари билан ҳеч қандай монеликсиз алоқага чиқаверади. Денгиз йўлларининг қуруқликдаги йўллардан яна қуйидаги афзал томонлари бор эди. Булар вақт, таннарх масалаларида эди. Вақт масаласи – бу шу билан ифоланадики, денгиз йўлларида манзилга қуруқликдаги йўлларига қараганда тезроқ етиб борилган[5]. Чунки, қуруқликдаги уша пайтдаги асосий транспорт воситаси от ва туялардан иборат бўлиб, оғир юклар ортилганлиги боис, улар анча секин ҳаракатланган. Қуруқликда йиллар давомида бориб келинадиган жойларга денгиз йўллари орқали ойлар ичида бориб келинадиган бўлди. Таннарх масаласи – маълумки, қуруқликдаги савдо карвонларининг ҳаракатланиши учун жуда катта маблағлар сарфланарди. Юкларни ташиш учун бир неча юзта отлар ва туялар керак бўлган. Бу жониворлар учун эса доимо ем-хашак сотиб олинган. Карвондаги юкларни ортиш, тушириш билан шуғулланиш учун ўнлаб ҳаммоллар зарур бўлган. Ҳаммолларга ва карвондаги бошқа хизматчиларга маош тўланган. Ойлаб, йиллар давом этадиган машаққатли сафарларда иштирок этадиган карвондаги кишиларни еб-ичиши, кийими ва йўлларда карвонсаройларда дам олишлари учун катта маблағлар талаб қилинган. Бу сарф-ҳаражатлар савдо карвонларида ташиладиган маҳсулотларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган. Денгиз йўлларида кемалар воситасида амалга оширилган савдо-сотиқ жараёнларида сарф-ҳаражатлар нисбатан камроқ бўлган. юзлаб отлар ва туялар ташийдиган юклар битта кемага ортилган. Кема экипажи сони ҳам карвон аъзолари сонидан анча кам бўлган. Кейин кемалар карвонлар сингари тез-тез тўхтаб, карвонсаройларда дам олишмаган ва ҳокозо. ХУЛОСА Хуллас денгиз йўллари қуруқликдаги карвон йўлларидан афзал бўлган[6]. Денгиз йўлларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар қуруқликдаги карвон йўлларидан фойдаланишдан воз кеча бошлаганлар. Оқибатда қуруқликдаги карвон йўллари аҳамиятини ўз ўрнини денгиз йўлларига бўшатиб берди. Бу ҳолат бир неча юз йил давом этди. Қачонки, денгиз кемаларига рақобат қила оладиган, қуруқликда ҳаракатланадиган автомобиллар ва темир йўлларда юрадиган паровозлар кашф этилгач, қуруқликдаги йўллар ўз ўрнини ва аҳамиятини қайтара бошлади. Негаки, автомобиллар ва темир йўллари ўзининг тезкорлиги, фойдали иш коэфценти, самадорлиги ва жиҳатлари билан ўтмишдоши бўлган карвон йўлларига қараганда анча олдинга кетган эди. АДАБИЁТЛАР Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Абдулазиз Вахоб Ўғли Воитжонов, Жавоҳир Хожиакбар Ўғли Маматқулов КИШИЛИК ЖАМИЯТИДА ДЕНГИЗ ТРАНСПОРТИНИНГ АҲАМИЯТИ БОРАСИДАГИ ДИАЛЕКТИК ЁНДОШУВЛАР // Академические исследования в области педагогических наук. 2022. №11. Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Толмасбек Анвар Ўғли Шодмонов, Улуғбек Жеткербай Ўғли Уразбаев (2022). МАМЛАКАТНИНГ БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛАБ БЕРИШДА ЙЎЛЛАРНИНГ ТУТГАН ЎРНИ. Academic research in educational sciences, 3 (11), 309-314.RELATIONS [1] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Абдулазиз Вахоб Ўғли Воитжонов, Жавоҳир Хожиакбар Ўғли Маматқулов КИШИЛИК ЖАМИЯТИДА ДЕНГИЗ ТРАНСПОРТИНИНГ АҲАМИЯТИ БОРАСИДАГИ ДИАЛЕКТИК ЁНДОШУВЛАР // Академические исследования в области педагогических наук. 2022. №11. [2] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Абдулазиз Вахоб Ўғли Воитжонов, Жавоҳир Хожиакбар Ўғли Маматқулов КИШИЛИК ЖАМИЯТИДА ДЕНГИЗ ТРАНСПОРТИНИНГ АҲАМИЯТИ БОРАСИДАГИ ДИАЛЕКТИК ЁНДОШУВЛАР // Академические исследования в области педагогических наук. 2022. №11. [3] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Толмасбек Анвар Ўғли Шодмонов, Улуғбек Жеткербай Ўғли Уразбаев (2022). МАМЛАКАТНИНГ БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛАБ БЕРИШДА ЙЎЛЛАРНИНГ ТУТГАН ЎРНИ. Academic research in educational sciences, 3 (11), 309-314.RELATIONS [4] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Толмасбек Анвар Ўғли Шодмонов, Улуғбек Жеткербай Ўғли Уразбаев (2022). МАМЛАКАТНИНГ БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛАБ БЕРИШДА ЙЎЛЛАРНИНГ ТУТГАН ЎРНИ. Academic research in educational sciences, 3 (11), 309-314.RELATIONS [5] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Абдулазиз Вахоб Ўғли Воитжонов, Жавоҳир Хожиакбар Ўғли Маматқулов КИШИЛИК ЖАМИЯТИДА ДЕНГИЗ ТРАНСПОРТИНИНГ АҲАМИЯТИ БОРАСИДАГИ ДИАЛЕКТИК ЁНДОШУВЛАР // Академические исследования в области педагогических наук. 2022. №11. [6] Бахриддин Лутфуллаевич Салимов, Абдулазиз Вахоб Ўғли Воитжонов, Жавоҳир Хожиакбар Ўғли Маматқулов КИШИЛИК ЖАМИЯТИДА ДЕНГИЗ ТРАНСПОРТИНИНГ АҲАМИЯТИ БОРАСИДАГИ ДИАЛЕКТИК ЁНДОШУВЛАР // Академические исследования в области педагогических наук. 2022. №11.

Discussion

Topics

More

Suggest a correction or report